Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида 4 сентябрь куни мамлакатдаги барча мобил алоқа операторлари ва интернет-провайдерлари раҳбарлари иштирокида тариф сиёсатини тартибга солиш бўйича бирламчи вазифалар муҳокамасига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Вазирлик ахборот хизмати хабарига кўра, учрашув Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2 сентябрь куни «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармон имзолангани муносабати билан ташкил этилган.
Учрашувда телекоммуникация хизматларини сўмли тарифга ўтказишда абонентларга зарар етмаслигини таъминлаш, жумладан, абонентларга кўрсатилаётган хизматларга белгиланган бугунги нархларни оширмаслик масаласи кўтарилди.
Давлат раҳбарининг фармонида товарлар, иш ва хизмат учун нархлар ва тарифлар, шунингдек, жамиятларнинг низом жамғармасига минимал талаблар фақат миллий валютада белгиланиши кўрсатилган.Учрашувда қабул қилинган қарорга мувофиқ, 5 сентябридан барча телекоммуникация хизматлари учун тарифлар миллий валютада — сўмда белгиланади.
Мавзуга доир: Ўзбекистон мобил алоқа операторлари 5 сентябрдан тарифларни сўмда белгилайди. Нархлар ошмайди
Шуни ҳисобга олган ҳолда, миллий валютага асосланган биллинг тизими ишга тушгунига қадар тарифлар истисно тариқасида Марказий банк томонидан 29 августда ўрнатилган 1 АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати (4210,35 сўм) бўйича белгиланади.Хабарда операторларнинг биллинг тизимлари сўмга мувофиқлаштирилиши учун қанча вақт талаб қилинишига аниқлик киритилмаган.Содда қилиб айтганда, миллий валютада тарифларнинг ошишига йўл қўйилмайди.
Мисол учун, ҳозирги вақтда Марказий банк курси бўйича 10 АҚШ доллари эвазига кўрсатиладиган хизмат, АҚШ доллари курсининг ўзгаришидан қатъи назар, ўтиш даврида 42 минг сўмдан оширилмайди.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ахборотидан
Изоҳ (0)