Наманган вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров ҳафтанинг ҳар шанба куни тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказиб келмоқда. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармасида ташкил этилган навбатдаги учрашувга кичик бизнес вакиллари ва хусусий тадбиркорларнинг бир гуруҳи таклиф этилди. Улар билан суҳбатлашилиб, талаб ва таклифлари кўриб чиқилди.
«Бизнинг Good Tea Trade Servis МЧЖ чой маҳсулотларини қайта ишлаш ва қадоқлашга ихтисослашган, — дейди тадбиркор Собитхон Нўъмонов. —Олдимизда турган энг катта муаммолардан бири ишлаб чиқариш корхонаси учун ер майдонининг йўқлиги эди. Бугунги учрашувда муаммога ечим топилди».
Шу куни ўнта тадбиркорлик субъекти вакиллари вилоят ҳокимидан ўз мурожаатларига жавоб олди. Янги лойиҳани тақдим этган тадбиркор Комилжон Носиров улардан бири.
«Хонадонимизда ноёб, парҳезбоп гўшт ҳамда тухум етиштириш мақсадида туяқуш боқиб келмоқдамиз. Бу қушларнинг эркин парвариши учун катта ер майдони талаб этилади. Мулоқот жараёнида вилоят ҳокимига 5 гектар ер ажратиш бўйича мурожаат этдим, мутасаддиларга шу жойнинг ўзида тегишли кўрсатма берилди».
Изоҳ (0)