Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши ёшларнинг кечги пайтда асосий вақтини нималарга сарфлаётганлигини аниқлаш мақсадида тунги рейдларни ўтказди. Бу ҳақда иттифоқнинг Facebook’даги саҳифасида маълум қилинди.
Вилоятнинг Юқори Чирчиқ, Зангиота ҳамда Бўстонлиқ туманларида ўтказилган рейдлар натижасига кўра айрим ёшлар кечки вақтини асосан интернет клубларида, турли жангари ўйинлар ўйнаб, беҳаё фильмларни томоша қилаётганлиги, чилим чекаётганлиги аниқланди.
Жумладан, Юқори Чирчиқ туманида 11 август кеч соат 20:00 дан 12 август куни соат 04:00 гача Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг туман Кенгаши фаол ёшлари ҳамда ички ишлар билан ҳамкорликда тунги рейд амалга оширилди.
Туман ҳудудида жойлашган 23-умумий ўрта таълим мактабининг вояга етмаган 9-синф битирувчилари 2002 йилда туғилган Нурбек Эргашбоев, 2002 йилда туғилган Эрболат Анорбоев ҳамда 2001 йилда туғилган Қурбон Бегматов 12 август куни соат 01:30 да ота-онаси ёки ота-онанинг ўрнини босувчи шахсларсиз туман ҳудудидаги интернет кафеда ўйин ўйнаб ўтирганлиги аниқланди. Уларнинг ота-оналари чақиртирилди.
Ота-оналарга фарзанд олдидаги мажбуриятлари, жавобгарлиги тушунтириб ўтилди.
Рейд давомида тунги соат 02:50 да Тошкент—Олмалиқ марказий йўлида 1990 йилда туғилган Алишер Азимбоевга тегишли автоулов эшиклари очиқ, қаровсиз ҳолда ташлаб кетилганлиги маълум бўлди.
Автоуловнинг эгасига хабар берилганда, Алишер Азимбоев автоулови олиб қочилганлиги, бу ҳақда тезкор қидирув ходимларига хабар берганлиги маълум бўлди.
Автоулов эгаси воқеа жойига етиб келди. Орадан бир оз вақт ўтиб, автоуловни олиб қочган кимса туман тезкор жиноий қидирув ходимлари томонидан қўлга олиниб, туман ички ишлар бўлимига олиб келинди. Автоуловни олиб қочган шахс Алишернинг ўртоғи эканлиги аниқланди.
Изоҳ (0)