Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг қарори билан «Академик лицейларга ўқитувчиларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисида»ги низоми тасдиқланди. Бу ҳақда Uz24 хабар бермоқда.
Низомнинг умумий қоидаларига кўра, танловда олий маълумотли ва камида беш йил узлуксиз педагогик иш стажига эга бўлган шахслар иштирок этади.
Танловда иштирок этиш учун номзодлардан қуйидаги ҳужжатлар қабул қилинади:
- танловда иштирок этиш учун академик лицей директори номига ариза;
- паспорт нусхаси (ҳужжатларни топшириш вақтида паспортнинг асл нусхаси кўрсатилади);
- олий маълумоти тўғрисидаги ҳужжатнинг нусхаси;
- меҳнат дафтарчасининг нусхаси;
- 3,5 х 4,5 см ўлчамдаги тўрт дона рангли фотосурат.
- Номзодлардан мазкур бандда кўрсатилмаган бошқа ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.
Тест саволлари танлов ўтказилаётган ўқитувчи лавозими мутахассислиги бўйича тузилади.
Танлов ўтказилаётган аудиторияга микрокалкулятор, жадвал, китоб, уяли телефон, компьютер, телекоммуникация воситалари ва шпаргалкалар олиб кириш тақиқланади. Номзодга тест топшириқларини бажариш учун 40 та тест саволи берилади. Саволларни ечиш учун икки соат вақт берилади.
Тест синовлари натижаларига кўра 55 баллдан юқори балл тўплаган номзодлар тест синовларидан муваффақиятли ўтган ҳисобланади ва улар танловнинг кейинги босқичига қўйилади.
Кейинги босқич — суҳбат.
Суҳбат танлов ўтказилаётган ўқитувчи лавозимининг мутахассислиги ва педагогика бўйича савол-жавоб шаклида ўтказилади. Бунда саволлар билетида бешта савол берилади.
Суҳбатдан муваффақиятли ўтган (ўртача арифметик балли «60» ва ундан юқори бўлган) номзодлар комиссия қарорига асосан танловдан ўтган ҳисобланади ва академик лицейнинг ўқитувчиси лавозимига тавсия этилади.
Изоҳ (0)