Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Элдор Шомуродов Россия Премьер-лигасида дебют қилди.

Фото: «Ростов»

Чемпионатнинг 3-турида у тўп сурадиган «Ростов» клуби Пермда «Амкар» меҳмони бўлиб, минимал ҳисобда устун келди. Учрашув қайдномасига киритилган Шомуродов 88-дақиқага келиб Владимир Дядюн ўрнига майдонга туширилди.

Бу «Ростов»нинг мавсумдаги илк ғалабаси бўлди. Леонид Кучук шогирдлари бунга қадар 1 та дуранг ўйнаб, яна 1 та ўйинда мағлуб бўлганди. «Амкар» эса ортда қолган уч турнинг барчасида мағлубият аламини тотиб кўрди.

«Ростов» навбатдаги турни 4 август куни бошқа бир ўзбекистонлик футболчи — Вадим Афонин тўп сурадиган «Анжи»га қарши сафарда ўтказади.

Бугун — 30 июль куни ўзбекистонлик футболчилар тўп сураётган яна икки клуб ҳам РПЛ 3-турида майдонга тушади. «Анжи» Москвада «Локомотив» меҳмони бўлса, Вагиз Галиулиннинг «Тосно» жамоаси Питернинг «Зенит» клубини қабул қилади.

Россия Премьер-лигаси

3-тур беллашуви

30 июль, якшанба

«Амкар» — «Ростов» 0:1

Гол: Александр Зуев, 66 (0:1).

Фото: «Championat.asia»