Халқаро пресс-клубнинг 26 июль куни бўлиб ўтган анжуманида Марказий банк ва Молия вазирлиги вакиллари Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари «икки йиллик импорт учун етарли» экани, тахминан 20—25 миллиард доллар атрофидалигини маълум қилди.
Олтин-валюта захиралари — давлатнинг пул-кредит соҳасини тартибга солишга масъул органи назоратида бўлган ликвидлиги юқори бўлган активлардир. Ушбу захиралар хорижий валютадаги маблағлар, мамлакатнинг Халқаро валюта жамғармасидаги резервлари ва монетар олтиндан иборат бўлади. Ҳозирги вақтда жаҳоннинг 12 ҳудуди — Хитой, Япония, Швейцария, Европа Иттифоқи, Саудия Арабистони, Тайвань, Россия, Гонконг, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Бразилия ва Сингапур халқаро захираларнинг 75 фоизига эгалик қилади.
Қайд этиш жоиз, 2016 йилнинг ноябрь ойида халқаро Fitch рейтинг агентлиги Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 24 миллиард долларга тенг эканини билдирган эди. Айни вақтда унинг таркибида хорижий валюта ва монетар олтин улуши қандай экани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Халқаро пресс-клуб анжуманида қатнашган Марказий банк ва Молия вазирлиги вакиллари ҳам бунга аниқлик киритмади.
Изоҳ (0)