Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг 5 июлда ўтказган тўғридан-тўғри мулоқотига «Ўзбекистон оналари номидан» деб имзо қўйилган мурожаат келиб тушган.
Кўпчилик томонидан юборилган мурожаатда яқинда матбуотда Қозоғистон ва Қирғзистон ҳарбийларнинг Сурияда олиб борилаёган ҳарбий ҳаракатларга жалб қилиниши ҳақидаги хабарларга хавотир билдирилган ҳолда, Ўзбекистон ҳарбий контингенти чет элдаги тинчликпарвар миссияларга юборилиши мумкин ёки йўқлиги сўралган.
Саволга жавоб қайтарар экан, Абдулазиз Комилов Ўзбекистон чет элдаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмаслигини қатъий таъкидлади.
«Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўзининг дастлабки маърузасида очиқ-ойдин айтганидек, Ўзбекистон ҳеч қачон ҳеч қандай ҳарбий блокка аъзо бўлмайди, хориждаги ҳеч қандай тинчликпарвар кучларга ўз йигитларини, аскарларини юбормайди, шунингдек, мамлакат ҳудудига ҳеч қандай ҳарбий блок ва базаларнинг киришига розилик бермайди», — дея Ўзбекистоннинг дунёдаги ҳарбий ҳаракатларга муносабатини ифода этди ТИВ раҳбари.
Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги принципларини қайд этиб ўтган вазир ўзбекистонлик оналарнинг хавотирига ўрин йўқ эканлигини таъкидлади. Шунингдек, қўшни мамлакатлар билан алоқаларнинг тобора мустаҳкамланиб бораётганини қўшимча қилди.
Изоҳ (0)