Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманига ташрифидан сўнг туман фаоллари йиғилишини ўтказди. Бу ҳақда, «Ўзбекистон» телеканалининг «Ахборот» дастурига асосланиб, «Газета.uz» хабар бермоқда.
Йиғилишда бош вазир ва унинг ёрдамчилари, Президентнинг давлат маслаҳатчилари, Тошкент ва туманлар ҳокимлари, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари, тадбиркорлик субъектлари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Учрашувда кўтарилган асосий мавзу туман аҳолисида тўпланиб қолган муаммолар ечими ҳамда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш масалалари бўлди. Ўз чиқишида давлат раҳбари Президент виртуал қабулхонаси ва халқ қабулхоналарига келиб тушаётган ахборот таҳлили фуқароларни безовта қилаётган масалаларни ҳал қилиш бўйича ишларни такомиллаштириш талаб этилишини кўрсатаётганини таъкидлаб ўтди. Бунинг учун эса янгича ёндашув, янгича нигоҳ лозим, деди давлат раҳбари.
Йиғилишга тайёргарлик кўрар экан, махсус ишчи комиссия туманда бўлди ва бир кун давомида 730 муаммони аниқлади, шулардан 397 таси жойида ҳал этилди. Қолган масалалар ечими бўйича зарур қадамлар белгиланди. Хусусан, 87 кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш бўйича масала ҳал этилди, 27 фуқаро иш билан таъминланди, 20 нафар ёлғиз ва кекса инсонларнинг уйларини таъмирлашга кўмак бериладиган бўлди.
Президент «ташаббус кўрсатмай, тепадан кўрсатма кутиб ўтирадиган» ҳокимият ва идоралар раҳбарларини танқид остига олди.
«Оддий мисол: ишчи гуруҳ бу қадар қисқа вақтда нималар қилишга улгурганини қаранг», — деди Шавкат Мирзиёев.
У ҳар бир туманда шундай ишчи гуруҳ тузиш, шунингдек, аҳоли билан ҳар ҳафталик учрашувлар ташкил этишга кўрсатмалар берди.
Президент амалга оширилаётган чоралар ҳар бир инсоннинг ҳаёти яхшиланишига, маҳаллалар, оилалар, меҳнат жамоалари ва ўқув муассасаларида вазият яхшиланишига хизмат қилиши кераклигини таъкидлади.
Аҳоли, айниқса ёшлар иштирокидаги тадбирлар хўжакўрсинга ўтказилмаслиги лозим эканлигига алоҳида урғу берилди. Уларга алоҳида тайёргарлик кўриш керак, аҳоли орасида нуфузга эга фуқаролар, хусусан, шоирлар, ижодкорлар, олимлар, спортчилар иштироки таъминланиши мақсадга мувофиқ.
Коммунал хизмат кўрсатиш билан боғлиқ муаммолар энг қисқа вақт ичида ҳал этиши лозимлиги таъкидланди. Президентнинг сўзларига қараганда, бу соҳадаги муаммолар фуқароларнинг кайфиятига айниқса салбий таъсир кўрсатади. У 2010 йилдан бошлаб «бир сўм ҳам кредит жалб қилмаган ҳолда» сифатли коммунал хизмат кўрсатилишини йўлга қўя олган Учтепа туман «Ватанпарвар иноқ коммуналчи» хусусий уй-жой эгалари биродарлиги раиси Светлана Орлованинг тажрибасини намуна сифатида кўрсатиб ўтди.
Мамлакат етакчиси, шунингдек, Чилонзор, Олмазор, Яшнобод, Шайхонтоҳур, Учтепа туманларига ташрифи чоғида берилган кўрсатмаларнинг бажарилишига тўхталиб ўтди.
Изоҳ (0)