Киевда Жохар Дудаев номидаги батальон қўмондони — Адам Осмаевга суиқасд уюштирилди. Ушбу батальон Донбассда Украина ҳукумат кучлари томонида туриб жанг қилган. Россияда Осмаев Владимир Путинга суиқасд уюштиришда айбланган, деб хабар берди Meduza.
Украина ИИВнинг хабарига кўра, суиқасд 1 июнь куни Кириллов кўчасида амалга оширилган. Ҳужум қилган шахс ўзини чет эл журналисти дея таништириб Осмаев ва унинг рафиқаси Амина Окуева (у ҳам Донбассда сепаратистларга қарши жанг қилган) билан учрашув белгилаган. Учрашувда жиноятчи Осмаевга тўртта ўқ узган. Окуева жавоб ўқини отиб ҳужум қилган шахсга оғир жароҳат етказган.
Жиноятчининг ёнидан Украина фуқароси Александр Дакар номига паспорт топилган. У ўзини Осмаев ва Окуевага Le Monde газетасининг франциялик журналисти Алекс Вернер дея таништирган.
Украина Ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси Зорян Шкирякни маълум қилишича, Осмаевга уюштирилган суиқасдни Россия махсус хизмати ташкиллаштирган. «Албатта тергов ушбу ҳодисанинг барча тахминларини кўриб чиқмоқда, бироқ Россиянинг алоқаси аниқ-тиниқ кўриниб турибди», — деди Шкиряк.
Изоҳ (0)