Тошкентда бир йилда 53 машинани алдов йўли билан эгаларидан олиб, бошқаларга сотиб юборган қаллоб қўлга олинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ расмий сайтида маълум қилинди.
2016 йилнинг 30 май куни Отабек Аҳрорбекович Мамирбеков Сергели тумани ҳудудида фуқаро Меҳрож Маҳмудовнинг ишончига кириб, унга тегишли бўлган Lacetti автоуловини алдов йўли билан қўлга киритиб, кейинчалик Шерзод Шораҳмедовга автоуловни 9 минг долларга сотиб юборган ва олган пулларини ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган эди.
Мазкур ҳолат юзасидан Сергели тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Мамирбековга нисбатан ЖКнинг 168-моддаси 1-қисми (фирибгарлик, яъни ўзганинг мулкини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган эди.
Олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари жараёнида Мамирбеков 2016 йил март ойидан 2016 йил июнь ойига қадар бўлган вақт оралиғида фирибгарлик йўли билан 53 нафар фуқароларга тегишли бўлган автоуловларни қўлга киритганлиги аниқланди.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, унинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.
Изоҳ (0)