Венесуэла президенти Николас Мадуро «республикага зарур бўлган тинчликка эришиш учун» таъсис кенгашини чақиришини эълон қилди. Кенгашув органи фавқулодда ваколатларга эга бўлиб, ҳатто конституцияга ўзгартиришлар киритиши мумкин, деб хабар беради TJournal.
Мадуро фуқаролик урушини хоҳламаслигини, аммо таъсис кенгаши ёрдамида «фашист исёнини бостириш, мустақил халққа тинчлик, барқарорлик, ҳақиқий миллий мулоқот ўрнатиш имконини бериш»ни режалаштираётганини маълум қилди.
Кенгашга 500 киши киради, шулардан ярми сайланади. Сайловда сиёсий партиялар иштирок этмайди.
Мухолифатнинг фикрича, таъсис кенгашининг чақирилиши Мадуронинг ҳокимиятни сақлаб қолишга, янги парламент сайловига йўл қўймасликка уринишидир.
Венесуэла таъсис кенгаши бир марта — 1999 йилда ўша пайтдаги раҳбар Уго Чавес томонидан чақирилган эди. Чавес ундан конституцияга ўзгартиришлар киритиш учун фойдаланган эди. Кенгашда 95 фоиз ўринни Чавес тарафдорлари эгаллаган эди.
Изоҳ (0)