Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Жанубий Корея Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги департаменти бош директори Канг Мёнг Су бошчилигидаги кореялик ишбилармон доиралар вакиллари иштирокида бизнес форум ва кооперацион биржа ўтказилди, деб хабар беради ЎзА.
Ўзаро савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишланган мазкур тадбирда икки мамлакатнинг савдо, сармоя, нефть-газ, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, автомобилсозлик, фармацевтика, ахборот технологиялари, электротехника каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компаниялар раҳбарлари иштирок этди.
Форумда Ўзбекистон билан Корея ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мамлакатлар улкан салоҳиятга эга экани алоҳида қайд этилди.
Форумда Кореянинг қишлоқ хўжалиги, нефть-газ, гидроэнергетика, қурилиш, транспорт инфратузилмасига ихтисослашган Tong Yang Moolsan, Hyundai Engineering Co., Woolim Hi-Tech, Win Housing каби 40 дан ортиқ етакчи компанияси вакиллари қатнашди.
Бизнес форумда Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сармоявий салоҳияти, нефть-кимё саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, енгил саноат, фармацевтика каби соҳалардаги имкониятлари хусусида сўз юритилди. Жанубий Корея ишбилармонлари Ўзбекистон иқтисодиётида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш кафолатлари, эркин иқтисодий зоналардаги катта қулайлик ва имтиёзлар билан таништирилди.
Икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлаш, янги қўшма корхоналарни ташкил этишга оид масалалар муҳокама этилди.
Шу куни Ўзбекистоннинг қатор компания ва корхоналари ҳамда Корея ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида кооперацион биржа бўлиб ўтди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)