Япония бош вазири Синдзо Абэ 9 апрель куни АҚШ президенти Дональд Трамп билан телефон орқали суҳбатида Американинг Сурияга ракета зарбаси ҳуқуқий асослари тўғрисидаги масалани муҳокама этмади. Бу ҳақда Токиодаги матбуот анжуманида вазирлар маҳкамасининг бош котиби Ёсихидэ Суга маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
«Япония ва АҚШ етакчиларининг телефон орқали суҳбатида халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан ҳарбий ҳаракатлар учун асос юзасидан тушунтириш берилмади. Мамлакатимиз мазкур ҳарбий операциянинг иштирокчиси эмас, ҳозир биз шунчаки Америка томонининг позициясини тингламоқдамиз», — деди у.
«Ғарб ва Яқин Шарқ мамлакатлари АҚШнинг мазкур ҳаракатларини қўллаб-қувватламоқда. Мазкур масала ‘еттилик’ доирасида, БМТ ва бошқа майдонларда муҳокама этилиши тахмин қилинмоқда. Биз халқаро ҳамжамият билан ҳамкорликда иштирок этиш ниятидамиз», — дея таъкидлади Ёсихидэ Суга.
9 апрель куни Япония ва АҚШ раҳбарлари 45 дақиқалик телефон орқали суҳбат уюштириб, унда Сурия ва КХДРдаги вазият муҳокама этилди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)