Исроил 10 йил ичида қурол-яроғ ишлаб чиқаришга 119 млрд доллар йўналтиради
Исроил келгуси 10 йил ичида ўзининг қурол-яроғ ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш мақсадида мудофаа бюджетини 350 млрд шекелга (119 млрд доллар) тўлдиради. Бу ҳақда Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху маълум қилди, дея хабар берди “ТАСС”.
“Мен қурол-яроғ ишлаб чиқариш бўйича ўз қувватларимизга сармоя киритиш ҳақида фармойиш бердим. Келгуси ўн йилликда бу қуролларни мамлакат ичида ишлаб чиқариш ва хорижий таъминотчиларга қарам бўлиб қолмаслик учун мудофаа бюджетига 350 миллиард шекел қўшамиз”, дея таъкидлади сиёсатчи ўз идораси тарқатган видеомурожаатда.
Бундан ташқари, у “бир неча ҳафта олдин учувчисиз учиш аппаратлари хавфини бартараф этиш бўйича махсус лойиҳа яратиш тўғрисида буйруқ берганини” эслатиб, “бугуннинг ўзида бу соҳадаги ютуқлар ҳақида ҳисобот кутаётганини” қайд этган.
Апрель ойи охирида АҚШ Исроилга бир суткада 6 500 тонна қурол ва ҳарбий техника юборгани хабар қилинганди. Юклар иккита йирик кема ва бир нечта юк самолётлари орқали ташилган.
Франция 2024 йилда Исроилга қурол етказиб бериш бўйича етакчиликни қўлга киритди. Исроил ушбу мамлакатдан қурол сотиб олишни тўхтатишини эълон қилган бўлса-да, амалда Франция асосий экспортчи бўлиб қолгани аниқланди.
Европа Иттифоқи 29 апрель куни эълон қилган ҳисоботга кўра, Франция 2024 йилда Исроилга 362 миллион евролик (424 миллион доллар) қурол экспорти учун лицензия берган. Иккинчи ўринда Германия (198 миллион доллар) қайд этилган. Учинчи ўриндан Греция (133 миллион доллар) жой олган.