Баҳор келиши билан пайдо бўладиган муаммолардан бири гиповитаминоздир. Баҳор фаслида витамин етишмаслигининг олдини олиш ва тўғри овқатланишга ўтиш учун нима қилиш керак? Бизнинг мақоламиз шулар ҳақида.
Кўпинча баҳорда рўй берадиган гиповитаминоз ва иммунитетнинг пасайиши ҳолсизланиш, ўта чарчоқлик, сержаҳллик, бош оғриғи ва бош айланиш ҳолатлари билан намоён бўлади.
Бу муаммони бартараф қилишда витаминлар, минераллар, озуқали моддалар ва ўсимлик толаларига бой бўлган турли хил озиқ-овқатлар ёрдам бера олади. Организмнинг табиий тозаланишини ва ичаклар фаолияти яхшиланишини таъминлаш учун тоза сув ичиш ҳам катта аҳамиятга эга.
Баҳор яқинлашиши билан иммун тизими фаоллигини керакли даражада ушлаб туриш муаммоси туғилади ва бу тизим фаолиятининг сал пасайиши ҳам шамоллашнинг ривожланишига олиб келади. Бундай ҳолларда витаминлар ва минералларга бой бўлган овқатлар истеъмол қилиш жуда муҳимдир.
Минг афсуски, кузда йиғиб олинган мева ва сабзавотларда бу моддалар камайиб кетади, иссиқхоналарда етиштирилган ўсимликлар таркибида эса ундан ҳам камроқ бўлади. Лекин, шунга қарамасдан мева ва сабзавотлар истеъмол қилиб туриш фойдали.
Донли, дуккакли, ҳатто баҳорда ҳам таркибида фойдали моддаларни сақлаб қолувчи ёнғоқ ва қуруқ мева каби озиқ-овқатларни ейишни унутманг.
Истеъмол қилаётган овқатингиз таркибида организмнинг қурилиш материали ҳисобланувчи ва уларсиз иммуноглобулинлар ишлаб чиқариш имконсиз бўлган оқсиллар манбаси албатта қатнашиши шарт. Буларга ёғсиз мол гўшти, парранда гўшти ва твороглар киради.
Манба: «Whealth.ru»
Изоҳ (0)