Кремль 2018 йилги Россия президенти сайловларига тайёргарлик кўришда уларда Владимир Путин қатнашишини кўзда тутмоқда, деб ёзади «РБК» икки нафар федерал амалдорга таяниб. «Мен у сайловда қатнашишига шубҳа қилмайман», — деди нашр суҳбатдошларидан бири.
«Ҳамма бошлиқ (Путин) сайловда қатнашишидан келиб чиқмоқда. Ва ҳамма бу унинг сўнгги муддати бўлишини тушуняпти. 2024 йилдан кейин ҳам (навбатдаги муддат тугаганда) қолиш учун у ҳеч нарсани ўзига мослаб ўзгартирмайди», — дея қўшимча қилди иккинчи амалдор.
Кремлдаги мажлислардан бирида Кремль маъмурияти раҳбарининг биринчи ўринбосари Сергей Кириенко Путиннинг сайланиши эмас, сайловлардан кейин нима бўлиши муҳим деган маънода фикр билдирган. Мажлис иштирокчиларидан бири «РБК»га Кириенко унинг навбатдаги муддати кун тартибини шакллантиришни назарда тутганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Кремль амалдори президентнинг янги муддати кун тартиби аҳамият борасида зарур натижага эришиш имконини берувчи технологиялардан кам эмаслигини билдирган. «Кириенконинг гапларидан гап Путиннинг охирги муддати ҳақида бораётгани маълум бўлди», — дея хулоса қилди нашр суҳбатдоши.
Россия конституцияси давлат раҳбари лавозимини кетма-кет икки муддатдан ортиқ эгаллашни тақиқлайди. Агар Путин 2018 йилда қайта сайланса, конституцияга кўра, ўз муддати тугаганидан сўнг олти йил ўтгач, яъни 2030 йилда яна сайловларда қатнашиши мумкин бўлади.
Изоҳ (0)