Араб дунёси таълим тизими уни сифат жиҳатидан ўзгартириш учун катта молиявий сармояларга муҳтож бўлиб, таълимни ривожлантиришга 124 миллиард доллар етишмаяпти. Бу ҳақда Иордания ҳукумати раиси ўринбосари, таълим вазири Муҳаммад Тхнейбат маълум қилди, дея хабар бермоқда «РИА Новости».
Иордания бош вазири ўринбосари 12 февраль куни Дубайда ўз ишини бошлаган Бутунжаҳон ҳукуматлар саммитида иштирок этмоқда.
«Айни дамда араб дунёсида таълим соҳасидаги эҳтиёжлар учун 11—12 миллард доллар ажратилмоқда, ваҳоланки, бу соҳага 124 миллиард доллар керак. Жамиятни сифат жиҳатидан ривожлантириш учун зарур бўлишига қарамай, араб мамлакатларида таълим тизими жаҳоннинг ривожланган давлатларидан фарқли ўлароқ, бирламчи даражада эмас», — деб қайд этди Иордания вакили.
Тхнейбат сўзларига кўра, араб дунёсида 70 миллион саводсиз бўлиб, 14 миллион бола таълим олиш ҳуқуқидан маҳрум.
Бош вазир ўринбосари кўплаб араб давлатларида давом этаётган можаролар ва қочоқларнинг кўпайиши араб дунёси аҳолисининг таълим олиши олдида турган тўсиқларни кўпайтириб, аҳволни мураккаблаштираётганини таъкидлади.
«Иорданиядаги давлат мактабларида ўз мамлакатидаги можаролардан қироллик ҳудудида паноҳ топган 70 минг суриялик бола таҳсил олмоқда. Бу эса, ўз навбатида, табиий ресурсларидан деярли маҳрум давлат бюджети учун қўшимча юк бўлмоқда», — деди Тхнейбат.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)