Facebook ижтимоий тармоғи асосчиси ва раҳбари Марк Цукерберг АҚШ президенти бўлиш истаги йўқлигини маълум қилди. Бу ҳақда у BuzzFeed нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Цукербергнинг тан олишича, у бугунги кунда асосий эътиборини Facebook фойдаланувчилари ҳамжамиятини ривожлантириш ва Chan Zuckerberg Initiative хайрия лойиҳасидаги фаолиятига қаратган, шу сабабли ҳам 2020 йилги президент сайловида номзод сифатида қатнашмоқчи эмас.
Facebook асосчисига яқин манба Цукерберг ўзаро суҳбатлар вақтида ҳам президентлик курсисини эгаллаш нияти йўқлигини айтиб ўтганини билдирди. Ижтимоий тармоқ раҳбари келажакда АҚШ ҳукумати таркибида бирор лавозимни эгаллаши мумкин, бироқ бу унинг учун мақсад эмас.
2016 йилнинг декабрида Bloomberg агентлиги Цукерберг бирор давлат лавозимини эгаллаган тақдирида, Facebook устидан назоратни ўзида сақлаб қолишга қизиқаётгани ҳақида хабар берган эди. Бу хабар интернет фойдаланувчилари орасида Цукерберг президент сайловида номзод сифатида иштирок этиши мумкинлиги ҳақидаги баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.
Бу тахминнинг пайдо бўлишига асосий сабаб қилиб Цукерберг АҚШнинг барча штатлари аҳолиси билан учрашиш истагини билдиргани, шунингдек, кўп йиллар давомида Бушлар оиласи учун ишлаган фотосуратчини ёллагани кўрсатилган эди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)