1 миллиондан ортиқ киши Сеул кўчаларига чиқиб, Жанубий Корея президенти Пак Кин Хенинг истеъфосини талаб қилди, деб ёзади «РБК» «Рёнхап» агентлигига таяниб. Агентлик қайд этишича, бу аввал бўлиб ўтган норозилик акциялари орасида энг кўп кишилиси бўлган.
Акция ташкилотчилари таъкидлашича, ноқулай об-ҳавога қарамай, пойтахт марказига 1,5 миллион киши йиғилган, бутун мамлакат бўйлаб эса намойишчилар сони 1,9 миллионни ташкил қилган.
Аммо полиция ҳисоб-китобларига кўра, Сеулдаги норозилик акцияси иштирокчилари 270 минг кишига етган.
Президент атрофидаги можаро унинг яқин дугонаси Чхве Сун Силь маъмуриятда ҳеч қандай лавозимни эгалламасдан туриб, президент нутқларини таҳрирлаб бергани маълум бўлгач, юзага келди. Чхве Сун Силни, шунингдек, ўз эҳтиёжлари учун яратилган нотижорат ташкилотига хайрияларни ўтказганликда айблашмоқда.
Пак Кин Хе келиб чиққан можародан сўнг омма олдида узр сўради ва ўз президентлигининг дастлабки босқичларида нутқ сўзлаш борасида баъзан дугонасидан маслаҳат олганини эътироф этди. Аммо президент истеъфога чиқишдан бош тортди.
Изоҳ (0)