Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб эълон қилинган «Ватанни мадҳ этиш бахти» мавзуидаги энг яхши асарлар танлови ғолиблари тақдирланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
ЎзА ахборотида айнан қайси асарлар ғолиб деб топилганига аниқлик киритилмаган.
Маълумот учун, 2016 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган «Минг бир ибратли ҳаёт» китоби, 66 нафар ёш шоир асарлари жамланган «Биз истиқлол фарзандларимиз» номли ёшлар баёзи нашрдан чиқарилди.
«Биринчи китобим» лойиҳаси бўйича 11 нафар ёш ижодкорнинг илк тўплами, истеъдодли ёш таржимонларнинг «Баҳор булбулларининг чаҳ-чаҳи» илк баёзи чоп этилди. «Бу китобдан 15 нафар ёш таржимоннинг ўнта хорижий тилдан ўзбек тилига қилган таржималари ўрин олган», — дейилади ЎзА ахборотида.
Ўзбекистонда адабиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда ўзбек ёзувчиларининг ҳаёти ва ижодидан кенгроқ хабардор қилиш мақсадида «Ўзбек адиблари» китоби тайёрланиб, нашрга топширилди. «Кўзим қароғисан, Ватан» номли бадиий-публицистик асарлар тўплами, «Қудратли юрт фарзандисан» номли шеърлар китоби, «Залворли қадамлар» публицистик мақолалар тўплами, «Сарчашма мавжлари» адабиёцҳуносликка оид мақолалар тўплами нашрга тайёрланди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Тошқин ‘Дарё’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.