Ўзбекистонлик боксчи Ҳасанбой Дўстматов Рио—2016 Олимпиадасидаги учинчи жангини америкалик Нико Эрнандесга қарши ўтказди.
Ярим финал босқичадан ўрин олган жангнинг биринчи раунди ўзбекистонлик спортчи фойдасига ҳал бўлди. Иккинчи раундда ҳам Ҳасанбой Дўстматов ўз кучини кўрсатиб, рақибига имконият қолдирмади. Шундан сўнг учинчи раунднинг ўтказилиши америкалик боксчининг кичик жароҳати сабаб сўроқ остида қолди.
Бир амаллаб учинчи раундга чиққан Нико Эрнандес барибир жангни ўз фойдасига ҳал қила олмай, бронза медали билан чекланди.
Бу ғалаба ўзбекистонлик боксчини финалга олиб чиқди. Бунга қадар икки нафар дзюдо устаси мамлакат делегациясига бронза медалини тақдим этган бўлса, боксчи Ҳасанбой Дўстматов минимум кумуш медални нақд қилди. Финал жангидаги ғалаба унга Рио—2016 олтин медалларини тақдим этиши мумкин.
Ҳасанбой Дўстматов 49 килограмм вазн тоифасигача бўлган спортчилар ўртасидаги мусобақанинг 1/8 финалида мексикалик Хоселито Веласкесни, ¼ финалда қозоғистонлик Биржан Жакиповни мағлуб этишга муваффақ бўлганди.
Изоҳ (0)