Франция киносининг кузги мавсуми премьераларидан бири дунё океанининг машҳур тадқиқотчиси – 1910–1997 йилларда яшаб-ўтган Жак-Ив Кустога бағишланган бўлади. Ламбер Вильсон ва Одри Тоту иштирокидаги «Одиссея» номли биографик картина Франция экранларида октябрь ойида намойиш этилади, деб хабар бермоқда «ТАСС».
Кусто ҳақидаги кинофильм унинг вафотидан қарийб 20 йил ўтиб дунё юзини кўради. Франциялик тадқиқотчини ҳурматловчи машҳурлар инсонлардан бири, «Титаник» фильмининг муаллифи Жеймс Кэмероннинг фикрича, Кусто бутун авлоднинг дунёқарашини ривожлантирган.
Режиссёр Жером Салль бюджети 30 миллион еврога тенг бўлган кинокартина устида 5 йил ишлади. Мазкур фильмнинг илк афишаси 2014 йилнинг май ойида пайдо бўлганди. Аммо бир неча ой ўтиб съёмкалар тўхтатилди. Режиссёр олинган танаффусни молиявий қийинчилик эмас, ушбу босқичдаги ишидан қониқиш ҳосил қилмаганлиги билан изоҳлади.
Изоҳ (0)