АҚШ давлат котиби Жон Керри Туркияга 21 августда ташриф буюради. Бу ҳақда TRT телеканали эфирида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
«Давлат котиби 21 август куни келади, деб ўйлайман», — деди Эрдўғон.
Аввалроқ CNN Turk телеканали Керрининг Туркияга сафари август охирида бўлиб ўтишини хабар қилган эди. Аммо давлат департаментидагилар бўлажак ташриф ҳақидаги ахборотни тасдиқлаганича йўқ.
Туркия ва АҚШ муносабатлари 16 июлга ўтар кечаси фитначилар томонидан амалга оширилган давлат тўнтаришига уринишдан сўнг кескинлашди. Анқара исён ортида мухолифатчи ва ислом тарғиботчиси Фатҳулла Гюлен турганини айтди ва АҚШга 1999 йилдан буён Пенсильвания штатида яшаб келаётган мухолифатчини экстрадиция қилиш ҳақида сўров жўнатди.
Туркия президенти Вашингтон сўровни қондирмаса, мамлакатлар ўртасидаги алоқага путур етишини маълум қилди. АҚШ Давлат департаментидагилар эса, ўз навбатида, экстрадиция бўйича суд жараёни узоқ давом этиши мумкинлигини таъкидлади.
Изоҳ (0)