Андижонда ер учун 60 минг доллар талаб қилган маҳалла раиси ва ҳоким ёрдамчиси ушланди
Андижонда 30 сотих ер савдоси ортидан маҳалла раиси ва ҳоким ёрдамчиси ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Андижон туманидаги МФЙлардан бирининг раиси ва ушбу маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси ўзаро тил бириктириб, 1967-йилда туғилган фуқарога чорвачилик мақсадида мазкур маҳалла ҳудудидан ажратиб берилган ер майдонининг 2 сотихини ҳамда давлат захирасида бўлган 28 сотих ерни Андижон шаҳрида яшовчи, 1989-йилда туғилган шахс номига расмийлаштириб беришни режа қилган.
Улар жами 30 сотих ернинг бир қисмини нотурар, қолган қисмини турар жой тоифасига ўзгартириб беришни айтиб, ер учун 57 минг доллар ва кадастр идораларидаги танишлари орқали ҳужжатларни расмийлаштириш учун 3 минг доллар талаб қилган.
ДХХ ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда маҳалла раиси ва ҳоким ёрдамчиси олдиндан ер майдони учун 28 минг доллар ҳамда кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш учун 3 минг доллар олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Март ойида Тошкентнинг Яшнобод тумани ҳокимининг тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича маҳалла фуқаролар йиғинларидан биридаги ёрдамчиси 5 минг доллар олганида ушланганди. Февраль ойида Сурхондарё ва Наманганда ҳокимлик мансабдорлари пора билан қўлга тушганди.