Facebook’даги Chevrolet Captiva номли саҳифа муаллифлари бир неча кун муқаддам эълон қилинган, Captiva машинаси ютуқ сифатида қўйилган танлов аслида ҳазил эканлигини тан олди. Бу ҳақдаги баёнот саҳифада эълон қилинди.
Илгарироқ Chevrolet Captiva саҳифасида мустақилликнинг 25 йиллиги муносабати билан ўйин ўтказилаётгани, унинг ғолиби шу русумдаги автомобилга эга бўлиши маълум қилинган эди. Бунинг учун постга «лайк» босиш, уни ўз саҳифаси орқали улашиш ва изоҳларда қандай рангдаги машина кераклигини ёзиш талаб қилинган эди. Икки кунда постга 26 минг киши «лайк» босди, 30 мингдан ортиқ фойдаланувчи уни ўз саҳифаси орқали улашди.
«Биринчидан, ваъда қилинган Captiva учун узр сўраймиз. Лекин ўзингиз шуни хоҳладингиз. Хроникада ‘лайк’ учун нореал совғалар ваъда қилинган турли постлар кўпайиб кетганидан сўнг шу саҳифа яратилди», — дейилади баёнотда.
«Саҳифани яратишдан мақсад сизни алдаш қанчалар осонлигини кўрсатиш эди. Балки бу аҳмоқликдай, сизларга нисбатан ҳурматсизликдай туюлар. Лекин бу хайр йўлидаги ёлғон эди... Ҳеч ким ҳеч қачон сизга ‘лайк’ учун Captiva совға қилмайди! Бу ҳеч кимга манфаат келтирмайди!», — сўзида давом этади ҳазилкашлар.
Айтилишича, ҳазил муаллифлари камроқ «лайк» кутган, аммо икки кунда 26 мингдан ортиқ «лайк» босилиб, «тажриба назоратдан чиқиб кетгач», улар бунга чек қўйишга қарор қилган.
«Аслида биз ‘лайк’лар камроқ бўлади деб ўйлагандик. Лекин икки кунда постга 26 минг киши ‘лайк’ босди. Ҳар ёзилган нарсага ишониб кетаверасизларми?», — савол берилади мурожаатда.
Шу билан бирга, муаллифлар ҳақиқий танловлар ҳам бўлишини таъкидлаб ўтди ҳамда уларни ажратиб олишга ёрдам берадиган белгиларни келтирди. Булар:
- Танлов тавсифида барча қоида ва деталлар батафсил келтирилади;
- Аниқ сана ва ғолибларни аниқлаш йўли кўрсатилади;
- Ташкилотчи барча саволларга жавоб беришга ҳаракат қилади;
- Агар танловда қимматбаҳо совғалар бўлса, ташкилотчиларда барча деталлар тавсифланган алоҳида ҳужжат — «Танлов низоми» бўлиши лозим;
- Танлов саҳифаси расмий компанияга/брендга тегишли бўлиб, фаолиятини кўпдан бери юритаётган бўлиши лозим;
- Расмий сайтда (агар бўлса) саҳифага ҳавола ва ўтказилаётган танлов албатта кўрсатилади.
«‘Танлов’га айрим зиёли инсонлар ҳам ‘лайк’ босгани бизни ҳайратга туширди. Ҳа, саҳифа яратувчиси — аҳмоқ. Уни истаганча сўкишингиз мумкин. Лекин сизлар ақлли инсонларку. Нега бунга ишондингиз? Эртакларга ишонишингиз учун яни бир бора кечирим сўраймиз. Жуда афсусдамиз», — деб сўзига якун ясайди саҳифа муаллифлари.
Изоҳ (0)