Парламент беш нафар янги вазирни тасдиқлаш учун етарли кворум тўплолмагани сабабли Ироқ ҳукумати таркибини шакллантириш масаласи 3 май, сешанбага қолдирилди. Шиалар етакчиси Муқтадо ас-Садр тарафдорлари уюштирган намойишлар туфайли пойтахтда кескинлашган вазият назоратга олинди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар бермоқда.
«Бағдоддаги вазият хавфсизлик кучлари назорати остида. Намойишчиларни бунинг учун мўлжалланган ҳудудларга қайтиш, жамоат ва хусусий мулкка, шунингдек, Ироқнинг барча фуқароларига тегишли давлат муассасаларига зиён етказмасликка чақираман», — деб таъкидлади Ироқ бош вазири Ҳайдар ал-Абадий.
ОАВ маълумотларига кўра, намойишчиларнинг аксарияти парламент яқинидаги чодирли лагерга қайтган. Бироқ улар бинони ўраб олиб, у ерга ҳеч кимни киргизмаяпти.
Изоҳ (0)