«Роскомнадзор» Қодировнинг «чиябўрилар» ҳақидаги мақоласида қонунбузарлик кўрмади
Россия алоқа, ахборот технологиялари ва оммавий коммуникациялар соҳасидаги назорат хизмати («Роскомнадзор») Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг «Известия» газетасида чоп этилган, мухолифат танқидига бағишланган мақоласида қонунчиликка зид жиҳатларни топмади, деб хабар беради Meduza.
Муқаддам журналист Андрей Коняев идорага Қодировнинг «Чиябўрилар Россия Федерацияси қонунчилигига мувофиқ жазоланади» номли мақоласи устидан арз қилганди. Аммо «Роскомнадзор»даъвогарга йўллаган жавоб хатида сиёсатчи ахборот эркинлиги қонунчилигига зид иш қилмагани таъкидланди. Андрей Коняев Twitter’даги саҳифасида унга юборилган жавоб хатининг электрон нусхасини жойлаштирди.
Рамзан Қодиров охирги пайтларда мухолиф кучлар ҳақида бир қанча шов-шувли баёнотлар берди. Бундан ташқари, «Известия» газетасида шу руҳдаги мақола эълон қилди, шунингдек, Instagram’даги саҳифасида мухолиф сиёсатчи Михаил Касьянов снайпер «нишонига олинган» видеолавҳани жойлаштирди.