Total нефть компанияси президенти Кристоф де Маржерининг ўлимига олиб келган Falcon самолётининг авиаҳалокати бўйича ишда асосий фигурант бўлган қор тозалаш машинасининг ҳайдовчиси Владимир Мартиненко охирги версия бўйича унга нисбатан эълон қилинган айбловни тан олди. Бу ҳақда унинг адвокати Александр Карабановнинг маълумотига таяниб, «Ведомости» хабар беради.
«Менинг ҳимоям остидаги Владимир Мартиненкога охирги версия бўйича айблов эълон қилинди, у ўзининг айбини тан олди. Биз унга нисбатан ишнинг алоҳида тартибда кўриб чиқилишини сўраб, мурожаат этамиз», — деди адвокат.
Карабанов Мартиненконинг собиқ ҳамкасблари аэропортда ердаги хизмат ходимларини текшириш тартиби ўзгармаганлиги ҳақида маълум қилганлигини таъкидлаб ўтди. Мартиненко қўшимча текшириш авиаҳалокатга олиб келган вазиятларнинг юзага келишининг олдини олиши мумкинлигини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, 2014 йилнинг 21 октябрга ўтар кечаси Москвадаги Внуково аэропортида Франциянинг Total нефть-газ компанияси президентининг самолёти билан тўқнашиб кетган қор тозаловчи машинанинг ҳайдовчиси маст ҳолатда бўлгани аниқланган эди.
Изоҳ (0)