«Синалоа» номли қудратли жиноий гуруҳ етакчиси 11 июль, шанба кечки пайт душ қабул қилгани борган ва шундан кейин уни ҳеч ким кўрмаган. Қидирувлар унинг қамоқхона ҳудудида эмаслигини кўрсатди. Ҳодисадан сўнг Мехико яқинидаги йўлларда транспорт синчиклаб текшириляпти, Толука аэропортидан самолёт учиши чекланган. Бу ҳақда Мексика полициясига таяниб, ABC телеканали маълум қилди, дея хабар бермоқда «РБК».
Эль Чапо Гусман лақаби билан танилган Хоакин Гусман Лоэра АҚШ адлия вазирлиги томонидан дунёдаги энг қудратли наркобарон сифатида тан олинган, 2009 йилдан бошлаб Forbes журнали тузадиган сайёранинг энг нуфузли 60 кишиси рўйхатига кирар, мол-мулки 1 миллиард долларга баҳоланарди. Колумбиядаги наркокартеллар яксон қилингач, айнан Эль Чапо АҚШга етказиладиган гиёҳвандлик моддаларининг катта қисмини ўз назоратига олди. Жануби-шарқий Осиё ва Хитой жиноятчилик олами билан алоқа боғлаб, у ерлардан синтетик наркотиклар ишлаб чиқариш учун хомашё келтиришни йўлга қўйди.
Гусман полиция томонидан икки бор қамоққа олинган: 1993 йили Гватемалада қўлга тушганда Мексика суди 20 йилга озодликдан маҳрум этганди. Аммо 2001 йили наркобарон соқчиларнинг барчасини сотиб олиб, қамоқдан қочиб кетди. 2014 йил февралида Тинч океани соҳилидаги меҳмонхонада яна ҳибсга олиниб, қочиш деярли иложсиз ҳисобланган ва ўта қаттиқ қўриқланадиган қамоқхонага жойлаштирилганди.
Изоҳ (0)