Хитойнинг Наннинг шаҳрида давом этаётган теннис бўйича соврин жамғармаси 25 минг АҚШ долларини ташкил этувчи аёллар ўртасидаги турнирда чорак финал иштирокчилари маълум бўлмоқда. Ушбу мусобақада Ўзбекистондан истеъдодли теннисчи Сабина Шарипова ҳам муваффақиятли иштирок этяпти, деб хабар беради Olamsport.com.
Шарипова мусобақада бешинчи рақам остида таснифланган бўлиб, илк босқичда саралаш баҳслари ғолибаларидан бири кореялик Хонг Хьюн-Хини 6:2, 6:1 ҳисобида мағлуб этганди. Иккинчи давра учрашувида эса россиялик Валентина Ивахненкодан 1:6, 6:0, 6:1 ҳисобида устун келди.
Сабинанинг чорак финалдаги рақибаси Жанубий Африка Республикаси вакиласи Шанел Симмондс бўлади. У иккинчи босқичда хитойлик Жия-Жинг Луни 6:1, 6:3 ҳисобида таслим этди. Таққослаш учун, Шарипова дунё рейтингида 222, Ивахненко 309, Симмондс эса 347-поғонани эгаллаб турибди.