2015 йилнинг 24 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов БМТ Бош котибининг Махсус вакили, Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази (МОПДММ) раҳбари минтақада ўз миссиясини якунлаётган Мирослав Енчани қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида хабар берилди.
Мирослав Енча 2008 йилдан буён МОПДММни бошқариб келмоқда, 2015 йилнинг май ойидан бошлаб эса БМТ Бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ёрдамчиси лавозимида фаолият кўрсатади.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари, жумладан, жорий йилда бўлажак икки томонлама учрашувлар жадвали муҳокама қилинди.
Шунингдек, 2015 йилнинг 29-30 апрель кунлари Вена шаҳрида сувдан фойдаланиш соҳасида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашда халқаро ҳуқуқ меъёрларини тадбиқ этишни муҳокама қилиш мақсадида МОПДММ ташаббуси билан ўтказиладиган Марказий Осиё мамлакатлари юқори мансабдор шахслари учрашувида Ўзбекистон делегациясининг иштироки тасдиқланди.
Мулоқот давомида баъзи халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Изоҳ (0)