Ўзбек Миллий академик драма театрида 14 февраль куни Бобур таваллудининг 532 йиллигига бағишлаб «Нафосат гулшани» номли адабий-бадиий кеча ўтказилди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият тарғибот маркази, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёзувчи ва шоирлар, адабиёцҳунос олимлар, маданият ва санъат намояндалари, адабиёт ихлосмандлари, иқтидорли ёшлар иштирок этди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон халқ шоири С. Саййид ва бошқалар Президент Ислом Каримов раҳнамолигида ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг онгу қалбига ватанпарварлик, истиқлол ғояларига садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат туйғуларини чуқур сингдиришда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ижодий мероси ҳам катта аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
Тадбирда Заҳириддин Муҳаммад Бобур битган ўлмас асарларнинг жаҳон адабиётидаги юксак мақоми, ёшлар тарбиясидаги беқиёс аҳамияти ҳақида фикр юритилди. Бобур ғазалларидан намуналар ўқилди. Шоир шеърлари билан айтиладиган мумтоз қўшиқлар ижро этилди.
Театр фойесида буюк шоир ҳаёти ва ижодига бағишланган тасвирий ва амалий санъат намуналари, Бобур асарлари ва бобуршуносликка оид китоблар кўргазмаси ташкил этилди.
Изоҳ (0)