Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги «Мирзо Улуғбек» маҳалла фуқаролар йиғинининг фаолияти ўрганилганда, бир неча фуқаро 16 ёшгача бўлган вояга етмаган болалари учун нафақа сўраб мурожаат қилмаган бўлса-да, маҳалла фуқаролар йиғини котибаси уларнинг ҳужжатларини сохталаштириб, 2013 йил январь ойидан 2014 йил февраль ойига қадар 4 миллион 368 минг сўм нафақа пули ёзганлиги ва ушбу маблағларни ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборгани аниқланди, деб ёзади «Ҳуқуқ» газетаси.
Шунингдек, маҳаллада яшовчи яна бир неча фуқаро 16 ёшгача бўлган вояга етмаган болалари учун нафақа пулини белгиланган муддатда олиб бўлган ва уларга нафақа бериш тўхтатилган. Маҳалла котибаси уларнинг бехабарлигидан фойдаланиб, 2013 йил январь ойидан 2014 йил февраль ойига қадар 10 миллион 698 минг сўмлик бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан қонунбузарга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, суд томонидан унга нисбатан тегишли жазо тайинланди.
Изоҳ (0)