2015−2016 йилларда Ўзбекистон қишлоқ жойларида 25 мингта намунавий уй-жой қурилади. Бу ҳақда 2015 йил 23 январда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган Ҳаракат дастурида маълум қилинган. Дастур «Халқ сўзи» газетасида чоп этилган.
Дастурда айтилишича, аҳолининг ижтимоий-маиший шароитларини яхшилаш, жумладан, сифатли ичимлик суви, табиий ва суюлтирилган газ, замонавий санитария-тозалаш тизими билан таъминлаш ҳамда коммунал хизматлар сифатини янада яхшилаш, шунингдек, шаҳарлар ва қишлоқ аҳоли пунктларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш борасидаги муҳим масалалар ҳам Ҳукуматнинг доимий диққат-эътиборида бўлади. Республика аҳолиси турмуш маданиятини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш тугалланади ва тақдим этилади.
Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича ўзини амалда тўлиқ оқлаган, зарур ижтимоий ва бозор инфратузилмаси шакллантирилган, ҳар томонлама қулайликка эга бўлган якка тартибдаги уй-жой қурилиши дастурини амалга ошириш давом эттирилади ва унинг кўламлари янада кенгайтирилади.
2015−2016 йиллар мобайнида 25 мингта намунавий уй-жойни ва барча замонавий инфратузилмага эга шинам қишлоқ массивларини ўз вақтида ва сифатли қуришни таъминлаш ишларини амалга ошириш муҳим вазифа сифатида белгиланган.
Изоҳ (0)