Тошкентда «Ҳиндистон: Ўзбекистон ёш рассомлари нигоҳида» анъанавий кўрик танлови кўргазмаси ва тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Ўзбекистон–Ҳиндистон» дўстлик жамияти «Дарё»га хабар берди.
«Ўзбекистон–Ҳиндистон» дўстлик жамияти, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Лал Баҳодур Шастри номидаги Ҳиндистон маданият маркази ҳамкорликда ташкил этилган «Ҳиндистон: Ўзбекистон ёш рассомлари нигоҳида» Анъанавий кўрик танловининг ўтказилишидан асосий мақсад халқлар орасидаги қадимий дўстлик ва биродарликни, маданий-маърифий ҳамкорликни янада ривожлантиришга ҳисса қўшиш эканлиги қайд этилган.
Кўрик танловга ёш ҳаваскор ва профессионал рассомларнинг 50 дан ошиқ Ҳиндистон ва Ўзбекистон ифодаланган дўст-у биродарлик тамойили, ҳинд ва ўзбек халқларининг бой маданий мероси, тарихий анаъаналари акс эттирилган асарлар тақдим этилди. Тадбир давомида ёш ижодкорлар асарларининг кўргазмаси ҳам ташкил этилди.
Ғолиблар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Тақдирлаш маросимида нуфузли ҳакамлар ҳаяти, давлат ва жамоат арбоблари, ташкилотчилар ва кенг жамоатчилик иштирок этишди. Ўзбек ва ҳинд санъат усталарининг куй қўшиқлари ва миллий рақслари кечага янада файз бағишлади. Маълумот ўрнида айтиш лозимки, кўрик танлов 3 йилдан буён муваффаққиятли ўтказилиб келинмоқда.
Мазкур тадбирлар «Ўлмас меросларимизга нисбатан ёшлар ва хорижликларда қизиқишни ортириш, Ватанимиз обрў-эътиборини юксалтириш» номли Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди Грант лойиҳаси асосида ташкил этилди.
Изоҳ (0)