Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 15 декабрь куни Оқсаройда Америка Қўшма Штатларининг Фавқулодда ва мухтор элчиси Жорж Кролни Ўзбекистондаги дипломатик миссияси тугаётгани муносабати билан қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Давлат раҳбари Ўзбекистон — АҚШ муносабатлари ўзаро манфаатли барча соҳаларда изчил ривожланаётганини таъкидлади. Президент Ислом Каримов элчи Жорж Кролнинг икки мамлакат ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қўшган ҳиссасини юқори баҳолади.
Америкалик дипломат самимий қабул учун давлат раҳбарига миннатдорлик билдириб, Ўзбекистондаги фаолияти давомида муҳим сиёсий воқеалар, иқтисодий, ижтимоий ва бошқа соҳалардаги самарали ўзгаришлар гувоҳи бўлганини таъкидлади. Булар Ўзбекистонни халқаро миқёсдаги ишончли ва истиқболли шериклар қаторига олиб чиқмоқда.
Суҳбат чоғида томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Изоҳ (0)