Хитой собиқ мудофаа вазирлари ўлимга ҳукм қилинди
Хитой собиқ мудофаа вазирлари Вей Фенхе ва Ли Шанфу коррупция айбловлари бўйича икки йиллик муҳлат билан ўлим жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Хитой раиси Си Цзиньпин 2012-йилда ҳокимиятга келгач, коррупцияга қарши кенг кўламли кампанияни бошлади ва қуролли кучлар асосий нишонлардан бирига айланди. 2023-йилда “тозалашлар” ядро қуроллари ва ракеталарни назорат қилувчи Ракета қўшинларигача етиб борди.
2026 йил бошида бу жараён янада кучайди: узоқ вақт давомида Си Цзиньпиннинг иттифоқчиси саналган Халқ озодлик армиясининг юқори мартабали генерали Чжан Юся лавозимидан четлатилди.
Собиқ мудофаа вазирлари нималарда айбланмоқда?
Ли Шанфу аввалроқ “катта миқдорда” пора олганлик ва бошқаларга пора берганликда гумон қилинганди. Тергов давомида у “сиёсий мажбуриятларини бажармагани” ҳамда “ўзи ва бошқалар учун манфаат кўзлагани” аниқланган.
2023-йилда Вей Фенхега нисбатан бошланган терговда унинг “катта миқдорда пул ва қимматбаҳо буюмлар”ни олгани ҳамда “кадрлар тайинлашда бошқаларга ноқонуний имтиёзлар олишга ёрдам бергани” аниқланган. Хитойнинг “Sinhua” агентлиги 2024-йилда унинг ҳаракатлари “ўта жиддий тусга эга бўлиб, улкан зарар келтиргани”ни маълум қилган.
Хитойда икки йиллик муҳлат билан чиқарилган ўлим жазоси кейинчалик умрбод қамоқ жазосига алмаштирилиши мумкин. Бунинг учун маҳкум белгиланган муддат давомида бошқа жиноят содир этмаслиги керак.
“Жазо ўзгартирилганидан сўнг улар кейинчалик жазони енгиллаштириш ёки муддатидан олдин озод қилиниш имкониятисиз умрбод қамоқда қолади”, дейилади хабарида.