Ҳудудлардан ташриф буюрган «Ёш тадбиркор» консултатив марказининг 110 нафар координатор ва бизнес тренерлари учун жорий йилнинг 16—20 ноябрь кунлари Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган «Камолот ёшлар оромгоҳи»да «Ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш мақсадида барча ҳудудларда ёш тадбиркорлар учун ‘Бизнес инкубатор’ларни ташкил этиш»га қаратилган ўқув-семинар ўтказилди. Бу ҳақда таҳририятга «Камолот» ЁИҲ Марказий Кенгашидан келиб тушган пресс-релизда сўз боради.
Ўқув-семинар дастурига асосан, Ҳаракат томонидан ёшларни, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида олиб борилаётган лойиҳалар тарғиботи режасини ишлаб чиқиш, жойларда бизнес инкубаторларни ташкил этиш, янги ижтимоий тадбиркорлик лойиҳаларини ишлаб чиқишга жалб этиш бўйича семинарлар ташкил этилди.
Бундан ташқари, семинарларнинг бир қисми ёшлар тадбиркорлигини ОАВда кенгроқ ёритиш, тадбиркорлик малака ва кўникмаларини шакллантиришга қаратилган модул ишлаб чиқиш ва шулар орқали уларнинг бандлигини таъминлаш каби мавзуларга бағишланди.
Шунингдек, жойларда «Бизнес инкубатор»лар фаолиятини ташкил этишга кўмаклашиш мақсадида Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Республикаси хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳокимликларининг малакали мутахассислари томонидан «Савдо-саноат палатасининг ёш тадбиркорлар учун ‘Бизнес инкубатор’лар ташкил этишдаги ўрни», «Давлат иншоотларидан фойдаланишнинг ҳуқуқий асослари», «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудида ёш тадбиркорлар учун ‘Бизнес инкубатор’ларни ташкил этиш имкониятлари» мавзуларида ўқиган маърузалари тингланиб, саволларга жавоб олинди.
Ўқув-семинар якунига кўра, «Ёш тадбиркор» консултатив марказлари координатори ва бизнес тренерлари билан ҳамжиҳатликда 2015 йилга мўлжалланган наъмунали иш режа ҳамда 2015 йилнинг 1-чорагида ёш тадбиркорлар учун ҳудудларда «Бизнес инкубатор»лар ташил этиш ва йўлга қўйиш каби мақсадли вазифалар белгиланди.
Изоҳ (0)