Россияда Ўзбекистон автомобиллари савдосининг тушиб кетишига рубль девальвацияси ва Россиядаги ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш бўйича кўрилган чоралар натижасида рус автомобиль бозорида юзага келган ноқулай вазият сабаб бўлмоқда. «Gazeta.uz»га таяниб, «Кун»нинг хабар беришича, бу ҳақда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 26 ноябрь, чоршанба куни Тошкентда бўлиб ўтган мажлисида Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев маълум қилди.
2014 йилда GM Uzbekistan автомобилларининг Россиядаги савдоси ҳажми учдан бирига қисқарди. «Таҳқирловчи (дискриминациявий) чоралар кўрилмоқда, хусусан, Россия ишлаб чиқарувчиларининг автомобиллари учун рағбатлантирувчи утизилация чоралари кўрилган», — деди вазир.
Қайд этишларича, Ўзбекистон томони Россия бозорида ўзбек автомобили экспортчилари учун ҳам, хусусан, автокредитлаш масалаларида тенг шароитлар яратилишини талаб қилмоқда.
Ҳукуматлараро комиссия мажлиси якунига кўра имзоланган баённомада икки мамлакат вазирлик ва идораларига 2015 йилнинг 1 майига қадар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автотранспорт воситаларининг Россия бозорига кириши билан боғлиқ масалалар юзасидан икки томонлама маслаҳатлашувлар ўтказиш ҳақида кўрсатма берилди.
Асакадаги GM Uzbekistan (собиқ «ЎзДЕУАвто») автомобиль заводи экспортининг 90 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келади. Россиядаги Европа бизнес уюшмасининг Автомобиль ишлаб чиқарувчилар қўмитаси маълумотларига кўра, 2014 йилнинг январь — октябрида Россияда GM Uzbekistan’нинг 49 мингта автомобили сотилган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу давридан 32 фоизга кам кўрсаткичдир.
2013 йил GM Uzbekistan автомобиль ишлаб чиқариш ҳажмини 246 минг донагача оширган бўлиб, бу 2012 йилдаги натижадан 4,5 фоизга кўпроқ. 2014 йилда 250 мингтагача автомобиль ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)