Бошқирдистон Республикасининг Уфа шаҳрида қўлга олинган ўзбекистонлик фирибгар Россиянинг Приволжский транспорт прокуратураси томонидан Ўзбекистонга экстрадиция қилинади, деб хабар бермоқда «РИА Башкирия».
Хабарда айтилишича, у 2010−2012 йилларда Ўзбекистон Республикаси вазирликларидан бирида бош мутахассис лавозимида ишлаган. Бюджет маблағларини ўзлаштириб олиш ва камомад қилиш йўли билан ўғирлаганликда айбланаётган фирибгар Уфа темир йўл вокзалида қўлга олинган.
Ўзбекистон Бош прокуратураси уни экстрадиция қилишни сўраган. Ўзбекистон ва Россия қонунчилиги бўйича жиноий жавобгарликка тортиш муддати тугамаганлиги ва экстрадиция учун тўсиқлар йўқлиги боис Приволжский транспорт прокуратураси экстрадиция имконияти мавжудлиги тўғрисида хулоса тайёрлаган.
Россия Федерацияси Бош прокурори ўринбосари айбланувчини жиноий жавобгарликка тортиш учун Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топшириш тўғрисида қарор қабул қилган. Ҳозирда экстрадицияни амалга ошириш учун тайёргарлик кўрилмоқда.
Изоҳ (0)