Қозоғистоннинг Air Astana миллий авиакомпанияси Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги рейслар миқдорини ошириш таклифини илгари сурди, деб хабар беради Uzdaily.uz.
Авиакомпания президентининг ҳукумат, қонунчилик масалалари ва хавфсизлик бўйича ўринбосари Ербол Оспанов берган маълумотларга кўра, Air Astana 29 октябрь, чоршанба куни Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган музокараларни олиб боради.
Музокаралар давомида Қозоғистон миллий авиакомпаниясининг Ўзбекистонга амалга ошириладиган рейслар сонини кўпайтиришни таклиф қилиши кутилмоқда. Хусусан, Ербол Оспановнинг қайд этишича, Air Astana Олма-Ота—Тошкент—Олма-Ота йўналишидаги парвозларни кунига икки маротаба (ҳафтасига 14 рейс)гача, Остона—Тошкент—Остона йўналишидагиларни эса кунига бир маротаба (ҳафтада етти рейс)гача кўпайтиришни мўлжалламоқда.
Ҳозирда Air Astana компаниясининг Олма-Ота—Тошкент—Олма-Ота йўналишидаги рейслари сони ҳафтасига олтитани, Остона—Тошкент—Остона йўналишидаги парвозлари миқдори эса ҳафтасига иккитани ташкил этади.
Air Astana маълумотларига кўра, авиакомпания 2013 йилда 72,4 минг йўловчини, 2014 йил январь—сентябрь ойларида эса 54,61 минг кишини Қозоғистондан Тошкентга келтирган.