Дастурий таъминот ишлаб чиқувчилари iOS 8’га киритилган янгиликларни ўрганишмоқда. Улар тизимнинг WWDC 2014 анжуманида эълон қилинмаган янги имкониятларини топишди. Улардан бири — оқ-қора иш режими, дея хабар берди Mail.ru.
Шуниси қизиқки, Apple Samsung’ни бир неча йиллардан буён ўз ғоялари ва дизайнини ўғирлашда айблаётган бўлса-да, iOS 8’да унинг ўзи рақобатчисининг ғоясидан фойдаланмоқда. Оқ-қора иш режими дастлаб Galaxy S5’да пайдо бўлган, ҳозирда Galaxy Note 3 ва Galaxy S4 янги прошивкаларида ҳам мавжуд.
iOS-қурилмаларда ушбу режимда скриншот олинса, худди Samsung’дагидек рангли бўлиб чиқади.
Бироқ шуни таъкидлаш жоизки, Apple оқ-қора режимни Samsung’никидан фарқли мақсадда қўллайди. Samsung шу тариқа ўзининг Super AMOLED матрицалари энергия истеъмолини камайтирса, Apple’да ушбу режим Accessibility (жисмоний имконияти чекланган кишилар учун «махсус имкониятлар») менюсида жойлашган. Ушбу меню орқали рангларни тескарисига ўзгартириш, виртуал лупадан фойдаланиш ёки ахборотни тинглаш мумкин.
Изоҳ (0)