2014 йилнинг ўтган даврида Ўзбекистон божхона ходимлари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 1000 дан зиёд қонунбузарлик ҳолатида қиймати 4,2 миллиард сўмлик косметика ва парфюмерия воситаларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.
Шунга ўхшаш ҳолатда Харьковдан қайтган темир йўл поезди йўловчиси — фуқаро А. Холмирзаевнинг қинғирликларига нуқта қўйилди. Йўловчи қиймати 7,5 миллион сўмдан ортиқ 200 донадан зиёд парфюмерия воситаларини яширин тарзда олиб киришга уринган.
Тезкор маълумотларга кўра, пойтахт божхоначилари ва бошқа ҳуқуқни мухофаза қилувчи идоралар ходимлари билан ҳамкорликда фуқаро М. Толипов бошқарувидаги автомобиль ва унинг хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда хорижда ишлаб чиқарилган жами 147 турдаги косметика ва парфюмерия маҳсулотлари ноқонуний равишда сақланаётганлиги аниқланди. Юк эгаси М. Толипов қиймати 30 миллион сўмдан ортиқ товарларнинг божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи биронта ҳам ҳужжатини кўрсата олмади.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом этмоқда.
Изоҳ (0)