Қозоғистон ҳукумати техник параметрларга кўра енгил автомобилларни импорт қилишга чеклов киритиш муддатини жорий йилнинг 5 январидан 1 июлигача сурди. Gazeta.uz’нинг «Казинформ»га таяниб хабар беришича, тегишли ўзгартишлар «Автотранспорт воситалари хавфсизлигига талаблар» техник регламентига киритилган.
Йил бошида киритилган талабларга кўра, Қозоғистон ҳудудида ишлатилиш учун чиқарилаётган М1 категориясидаги (ҳайдовчини ҳисобламаганда саккиз кишигача сиғимли) янги автомобиллар блокировкага қарши тормоз тизими, олд хавфсизлик ёстиғи, болалар ўтирғичи учун ISOFIX боғлаш мосламалари, кундуз кунги сигнал чироқлари ва иммобилизаторга эга бўлиши керак. Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган Nexia ва Matiz ушбу талабларнинг барчасига ҳам жавоб бермайди.
Февраль бошида Остонада Ўзбекистон ва Қозоғистон делегациясининг Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган енгил машиналарни қўшни мамлакатга экспорт қилишни чеклаш бўйича музокаралари бўлиб ўтган эди. Унда томонлар масалани ҳал қилишнинг ўзаро мақбул йўлини топиб, ўзаро савдо алоқаларидаги қулай шароитларни сақлаб қолишга тайёрлигини билдирган.
Изоҳ (0)