Футбол бўйича Ўзбекистон XXIII миллий чемпионати олий лигасининг саккизинчи тур ўйинлари якунланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Турнинг сўнгги учрашуви Қарши шаҳрида «Насаф» ва Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони «Бунёдкор» жамоалари ўртасида бўлиб ўтди.
Учрашувнинг дастлабки дақиқаларидан ҳужумкор ўйин намойиш этган қаршилик чарм тўп усталари 10-дақиқада ҳисобни очди. Артур Геворкяннинг ўнг қанотдан оширган тўпини Илҳом Юнусов «Бунёдкор» дарвозасига жойлади. Шундан сўнг ҳар икки жамоа дарвозаси олдида бир нечта хавфли вазиятлар уюштирилган бўлса-да, биринчи бўлимда бошқа гол киритилмади. Иккинчи бўлимда захирадан майдонга тушган Илҳом Шомуродов ўйиннинг 77-дақиқасида мезбонларнинг иккинчи голига муаллифлик қилди.
Шу тариқа Рўзиқул Бердиев шогирдлари 17 очко билан турнир жадвалида учинчи поғонага кўтарилиб олди.
«Локомотив» (Тошкент) футболчилари «Қизилқум» (Навоий) жамоасидан 4:1, «Металлург» (Бекобод) аъзолари «Сўғдиёна» (Жиззах) жамоасидан 4:2, «Нефтчи» (Фарғона) ўйинчилари «Олмалиқ» (Олмалиқ) жамоасидан 2:1 ҳисобида устун келди.
«Навбаҳор» (Наманган) ва «Андижон» жамоалари учрашувида наманганлик футболчилар 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса, «Динамо» (Самарқанд) ўз майдонида «Машъал» (Муборак) жамоасига 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди.
Чемпионат пешқадами «Пахтакор» ва «Бухоро» жамоалари баҳсида ҳисоб очилмади.
Изоҳ (0)