Денис Истомин бугун, 19 май куни Германиянинг Дюсселдорф шаҳрида старт оладиган турнирда қатнашади. Бу ҳақда «Olamsport» хабар берди.
Дюсселдорф турнирининг мукофот жамғармаси 485 минг 760 еврони ташкил этади. Ғолиб теннисчи 77 минг 315 евро ҳамда 250 рейтинг очкосига эга бўлади.
Ўзбекистоннинг биринчи рақамли теннисчиси Германиядаги турнирнинг илк даврасида мусобақанинг олтинчи ракеткаси, финляндиялик Яркко Ниеминенга қарши кортга чиқади. Яркко дунё рейтингида 51, Истомин эса 55-ўринни эгаллаб турибди.
Агар Денис Ниеминен тўсиғидан муваффақиятли ўца, иккинчи даврада саралаш баҳсларида ғалаба қозонган икки теннисчи билан тўқнаш келади. Бу турнирнинг биринчи рақамли теннисчиси германиялик Филипп Колшрайбердир.
Эслатиб ўтамиз, Денис Филипп Колшрайберни Мюнхен турнирида 2 соату 4 дақиқа давом этган учрашувда 7:5, 2:6, 6:4 ҳисобида мағлубиятга учратган эди.
Изоҳ (0)