2014 йилнинг 17—21 апрель кунлари Россиянинг Иванова шаҳрида Халқаро гимнастика федерацияси йиллик тақвим режасидан ўрин олган Марина Cуп—2014 халқаро турнири ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Учинчи бор ташкил этилган мусобақада Россия, Ўзбекистон, Молдова, Сербия, Чехия, Украина, Кипр, Куба, Қозоғистон, Исроил, Португалия, Словакия, Марокаш ва Италиядан келган ёш бадиий гимнастикачилар ғолиблик учун кураш олиб борди.
Кўпкураш мусобақаларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Анастасия Сердюкова 67,450 балл жамғариб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан ўрин эгаллади. Кумуш ва бронза медаллари россиялик Арина Романова (65,183) ва Виктория Полишчукка (64,517) насиб этди.
2002 йилда таваллуд топган гимнастикачилар ўртасидаги мусобақада иштирок этган яна бир юртдошимиз Асал Икромова бронза медали совриндори бўлди.
Изоҳ (0)