Жанубий Корея қирғоқлари яқинида «Севоль» паромининг ҳалокатга учраши натижасида ҳалок бўлганлар сони 150 нафарга етди. The Korea Herald хабарига кўра, чўккан кеманинг яна шунча йўловчиси бедарак йўқолган деб гумон қилинмоқда.
Yonhap ахборот агентлиги хабарига кўра, тахминан 550 киши, 212 та кема ва 34 та ҳаво кемаси жалб этилган қутқарув операциясини кучли оқим мураккаблаштирмоқда.
«Севоль» пароми 16 апрель тонгида ҳалокатга учраган эди. Унинг бортида 476 йўловчи, асосан Чежу оролига саёҳатга кетаётган мактаб ўқувчилари бўлган.
174 киши, жумладан, кема капитани ва экипажининг кўплаб аъзолари қутқариб қолинган. Кема капитани, 68 ёшли Ли Чжун Сок айни вақтда тергов қилинмоқда. У ўзини йўловчи сифатида кўрсатиб, кемани биринчилардан бўлиб тарк этгани учун низомни бузганликда айбланмоқда.
Бундан ташқари, омон қолганларнинг сўзларига кўра, кема чўкишни бошлаган вақтда экипаж одамларни эвакуация қилиш учун ҳеч қандай чоралар кўрмай, ҳаммани хотиржамликка чақирган ва йўловчилардан ўз жойларида қолишни сўраган, деб ёзади «Кун».
Reuters хабарига кўра, биринчи ҳалокат сигнали кема экипажидан эмас, балки қўрқиб кетган боладан келган. Шундан сўнг чўкаётган кемадаги болалардан яна 20 та шошилинч чақирув келиб тушган.
Изоҳ (0)