2014 йилнинг 23—25 апрель кунлари Урганч шаҳрида дзюдо бўйича 1996—1997 йилларда таваллуд топган спортчилар ўртасида мамлакат чемпионати ўтказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон дзюдо федерацияси матбуот хизматидан маълум қилинишича, бу йилги мусобақаларда мамлакатнинг барча ҳудудларидан келган 563 нафар умидли дзюдочи ғолиблик учун татамида беллашади.
Чемпионатнинг биринчи куни ўғил болалар ўртасида 46, 50 ва 55 килограммгача вазн тоифаларида, қизлар орасида эса 36, 40, 44 ҳамда 48 килограммгача вазн тоифаларида ғолиб ва совриндорлар номи маълум бўлади.
24 апрель куни ўсмирлар ўртасида 60, 66 ва 73 килограммгача вазнда, қизлар орасида эса 52 ҳамда 57 килограммагача вазн тоифаларида беллашувлар ўтказилади.
Ва ниҳоят, чемпионатнинг учинчи куни ўғил болалар ўртасида 81 ва 90 килограммгача, шунингдек, 90 килограммдан ортиқ вазн тоифасида, қизлар орасида эса 63 ва 70 килограммгача ҳамда 70 килограммдан зиёд вазнда совриндорлар номи аниқланади.
Изоҳ (0)