Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара Назархон Россия Биринчи каналидаги «Точь-в-точь» («Худди ўзгинаси») шоусининг саккизинчи турида Алла Пугачёва қиёфасида саҳнага чиқди. Бу ҳақда 12uz.com хабар берди.
«Точь-в-точь»нинг махсус Алла Пугачёвага бағишланган босқичида Севара Россия эстрадаси примадоннасининг «Севиб тонмайдилар» («Не отрекаются любя») ашуласини ижро этди.
Ҳакамлар ҳайъати аъзолари: Леонид Ярмолник, Анна Ардова, Любов Казарновская ва Геннадий Хазанов ўзбек хонандасининг чиқишини аъло даражада, деб баҳолади ва унга 20 балл қўйди. Кейинроқ бетараф ҳакам — Россия халқ артисти Алла Пугачёва ҳам Севаранинг ижросини 5 баллга лойиқ, деб топди ва у максимал 25 балл тўплади.
Эслатиб ўтамиз, Севара Назархон мазкур шоунинг биринчи раундида 23 очко билан бешинчи ўринни, иккинчи босқичида 21 очко билан тўққизинчи ўринни, учинчи турида 25 балл тўплаб, тўртинчи ўринни эгаллаган эди. Тўртинчи раундда Севара Дмитрий Колдун ва Ирина Дубсова билан бир хил — 24 балл, бешинчи босқичда 23 балл, олтинчи турда ва еттинчи турларда 24 баллдан тўплаган эди.
Изоҳ (0)